Facebook ижтимоий тармоғидаги «Халқ билан мулоқот/Диалог с народом» гуруҳида 16 август куни Вазирлар Маҳкамаси ходими ва ўзини тадбиркор деб атаган фуқаро ўртасида юзага келган тортишув акс этган видео эълон қилинди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Видеода тадбиркор Вазирлар Маҳкамаси ходимига унинг муаммосини ҳал қилиши учун ҳукуматдан ойлик олаётганини айтади. Шунингдек, ходимни 45 дақиқадан буён кутаётгани ва унга қўнғироқ қилиб туша олмаётганини таъкидлайди. Давлат хизматчиси эса уни «терпила» деб атаб, кетишини сўрайди.

Мазкур масала юзасидан фуқаро билан қўпол муомалада бўлган ходим устидан хизмат текшируви ўтказилди. Вазирлар Маҳкамаси ходими хизмат вазифасига номувофиқ, деб топилди ва эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди, дейилади ҳукумат портали хабарида.