2019 йил 19 август куни «Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Қарорга кўра, университет қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори малакали илмий-педагог кадрлар ва мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тажриба-синов тариқасида университетнинг Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари карантини бакалавриат таълим йўналишида таълимнинг кредит тизими босқичма-босқич жорий этилади.
Университет ва унинг филиалларида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб янги 12 та бакалавр ва 12 та магистратура мутахассисликлари ташкил этилади.
Университет қошидаги Қибрай академик лицейи ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилаётган касб-ҳунар коллежлари негизида олий мактаблар ташкил этилади.
2020 йил 1 августга қадар олий мактаб битирувчилари учун бакалавриатнинг 3 йиллик махсус таълим дастурлари ишлаб чиқилади.
Олий мактабда ўрта-махсус касб-ҳунар таълими даражасида кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида кадрлар тайёрланади ва кичик бакалаврлар тайёрлаш бўйича таълим дастурлари жорий этилади.
Кичик бакалавр таълим дастури битирувчилари 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб мос бакалавр таълим йўналиши бўйича кириш синовларисиз суҳбат орқали Университет ва унинг филиалларига бакалаврлар тайёрлашнинг махсус 3 йиллик дастури бўйича ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлади.