13 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида"ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда парламент Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳозирда ушбу тузилмага Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо ҳисобланади.

Муҳокамалар чоғида депутатлар Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши фаолиятидаги иштироки ҳуқуқий, табиатни муҳофазалаш, маданият, илмий, ҳарбий-техникавий, таълим, энергетика, транспорт, молия-кредит ва бошқа соҳаларда умумий манфаатларини ифодалашда мамлакатнинг туркий тилли давлатлар билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар.

Бундан ташқари, депутатларнинг фикрича, ушбу тузилмага аъзолик савдо-инвестициявий, товарларнинг эркин ҳаракатланиши, капитал, хизмат ва технологиялар ҳамда молия-банк операцияларини енгиллаштириш мақсадида келгусида божхона ва транзит жараёнларини янада соддалаштириш имконини яратади. Шунингдек, туризмни ривожлантириш бўйича ҳам улкан имкониятлар мавжудлиги, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш халқларни янада яқинлаштириши таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлаган эди.

Аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлишга қарор қилгани ҳақида хабар берди. «Ўзбекистон томонининг расмий мурожаати Турк кенгаши котибиятига келиб тушди», дея хабар қилди Туркиянинг Ahaber нашри. Вазирнинг сўзларига кўра, аъзолик учун расмийлаштирилиши лозим бўлган ҳужжатлар Тошкентга юборилган ва аъзоликка қабул қилиш жараёни тез орада якунига етади.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, фаолиятининг асоси туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, ҳудудда ва жаҳонда тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.