Тошкент ИИББ интернетда Чилонзор туманида ЙПХ инспектори пиёдани уриб юборгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади. Ўз навбатида, пиёданинг вафот этгани ҳақидаги маълумотни рад этди.

Ҳодиса 12 сентябрь куни тахминан 8:00 да Бунёдкор кўчасида содир бўлди. «Кичик сержант Б. К. Lacetti хизмат автомобилида хизмат вазифасини бажараётган вақтда пиёдалар ўтиш йўлагидан 30 метр узоқликда белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборди», — дейилади хабарда. Тўқнашувдан сўнг ҳайдовчи бошқарувни йўқотади ва машина йўл четида турган Lacetti автомобилига бориб урилади.

ЙТҲ натижасида 46 ёшли Зафар А. тан шикастлари билан тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Ҳозирги вақтда шифокорлар унинг ҳолатини қониқарли деб баҳоламоқдалар.

Ушбу факт бўйича ИИББ ходимига нисбатан олиб борилаётган хизмат текшируви давомида ЙТҲ сабаби аниқланади.