Ўзгидромет маълумотларига кўра, ҳафта давомида Ўзбекистон бўйлаб ёқимли об-ҳаво ҳукмронлик қилади. Ҳаво ҳарорати кечаси +10…+15, кундузи — +24…+29 даража атрофида, яъни кўп йиллик ўртача кўрсаткичга яқин бўлади. Бу муддатда ёғингарчиликлар кутилаётгани йўқ.

Синоптикларнинг дунё прогноз марказлари маълумотларига таяниб маълум қилишича, октябрда ҳарорат кўп йиллик ўртача кўрсаткичга яқин бўлади, айрим жойларда меъёрдан 1−1,5 даража паст бўлади. Биринчи декадада ҳарорат кечаси +8…+13, кундузи — +20…+25 даража атрофида. Иккинчи ва учинчи декадада кечаси +7…+12 дан +2…+7 гача, кундузи эса +20…+25 дан +12…+17 гачани ташкил этади.

Октябрь ойида ёғингарчиликлар миқдори ҳам кўп йиллик ўртача меъёрга яқин, айрим жойларда эса кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида, шунингдек, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг айрим жойларида 2−10 мм, республиканинг қолган ҳудудларида 15−30 мм, республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида эса 44−74 мм атрофида бўлади.