Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 9 октябрь куни Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида жойлашган Нурота, Қўшработ ва Зомин туманларида ер ости сувларидан рационал фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлади.

Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу туманларда ер ости сувлари ресурслари интенсив равишда тортиб олинаётгани сабабли сув ости сувлари пасайган ва захиралари камайган.

1 ноябрдан 2021 йил 31 декабрга қадар туманлардачучук сув ости захиралари жойлашган ҳудудларда қудуқ қазишга рухсат бериш бўйича янги тартиблар ўрнатилади. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси фақатгина:

  • Сув хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан — сувни тежовчи технологияларни ҳисобга олган ҳолда суғориш учун;
  • Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва туманлар ҳокимиятлари билан — ҳудудий ривожланиш ва рационал фойдаланиш ҳудудий дастурларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун рухсат беради.

Тартиблар аҳолини ичимлик билан таъминлаш учун мўлжалланган қудуқларга тегишли эмас.

Бундан ташқари, 2020 йилдан юқоридаги туманларда босқичма-босқич кам сув талаб қилувчи қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва етиштириш, шунингдек, ерни суғоришда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш механизмлари жорий этилади.

Геология қўмитасига ушбу туманлар ҳудудида ер ости сувлари ресурслари даражаси ва сифати устидан мониторингни кучайтириш топширилди.