«2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси президентининг фармони имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ҳужжатга кўра 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси (кейинги ўринларда — Концепция) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва унда қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилмоқда:
атроф-муҳит объектларини (атмосфера ҳавоси, сув, ер, тупроқ, ер қаъри, биохилма-хиллик, қўриқланадиган табиий ҳудудлар) антропоген таъсир ҳамда бошқа салбий таъсир қилувчи омиллардан сақлаш ва сифатини таъминлаш;
экологик жиҳатдан энг кам хавф туғдирувчи материаллардан, маҳсулотлардан, ишлаб чиқариш объектлари ва бошқа объектлардан устувор даражада фойдаланиш;
қўриқланадиган табиий ҳудудларни кенгайтириш;
заҳарли кимёвий ва радиоактив моддалардан экологик хавфсиз фойдаланишни таъминлаш;
чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг экологик хавфсиз тизимини такомиллаштириш;
аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат органлари фаолиятининг шаффофлик даражасини ошириш ва фуқаролик жамиятининг ролини кучайтириш.
Шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини 2019−2021 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланади.