Sport телеканали 9 ноябрь куни пойтахтдаги «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоаларининг ўртоқлик ўйинини трансляция қилмайди. Бу ҳақда спорт телеканали раҳбарияти «Газета.uz»га хабар қилди.

14 ноябрь куни миллий терма жамоа 2022 йилги жаҳон чемпионати Осиё саралаш босқичи доирасида Саудия Арабистонига қарши ўйнайди. Футбол ассоциацияси Sport телеканалидан гуруҳдаги рақиблар Вадим Абрамовнинг мураббийлик усулларини кўрмасликлари учун Қирғизистон билан учрашувни намойиш этмасликни сўради.

«Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ўртоқлик учрашуви бўлгани учун ўйинни намойиш этмасликни сўради. Бу рақиблардан (Саудия Арабистонидан — таҳр.) жамоанинг тайёргарлик даражаси ва ўйинчи ларнинг [жисмоний ва руҳий] ҳолати, кайфиятини бир оз яшириш учун қилинмоқда», — деди Sport телеканали вакили. У канал техник томонидан трансляция учун тайёр эканини қўшимча қилиб ўтди.

Аввалроқ Tribuna.uz нашри бу илтимос Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамовдан чиққанини хабар қилган эди. Футбол ассоциацияси ушбу маълумотни «Газета.uz»га тасдиқлади.

Саралаш босқичининг учта ўйини якунлари бўйича (Сингапурда тўртта) Ўзбекистон 6 очко билан D гуруҳида биринчи ўринга кўтарилди. Унинг ортидан Саудия Арабистони (5), Фаластин (4), Сингапур (4) ва Яман (2) бормоқда.