Ўзбекистон ҳукуматининг «Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди, дея хабар берди Адлия вазирлиги.
Қарорга мувофиқ, нақд пул тушумига эга тадбиркорлар аҳолидан нақд пулни қабул қилишда жадвалда белгиланган муддатга қадар онлайн-назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга ихтиёрий, ушбу муддат тугагач мажбурий равишда ўтадилар (истисно ҳолатлар мавжуд).
Қарор билан, Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-назорат касса машиналари ёки виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Низомга кўра, Ўзбекистон ҳудудида фақат белгиланган тартибда Давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ ва виртуал кассалардан фойдаланишга рухсат этилади.
Тадбиркорлар Давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассаларни мустақил сотиб олиши ҳамда техник хизмат кўрсатиш марказларини ихтиёрий танлаш ҳуқуқига эга.
Онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассалар давлат солиқ хизматлари органларида рўйхатдан ўтказилиши лозим, рўйхатдан ўтказганлик учун тўлов ундирилмайди.