Ўзбекистонда бир ҳафта давомида 41та ҳолатда 28 миллиард сўмлик (2,94 млн доллар) табиий газ талон-торож қилингани аниқланган, дея маълум қилди бош прокурор Ниғматулла Юлдашев. Бу борада 240 та жиноий иш очилган, дея хабар берди Xabar.uz.

Аввалроқ бош вазир Абдулла Арипов йиғилишда истеъмолчиларга газ етказиб бериш жадвалига риоя этилмаётганини танқид қилгани ҳақида хабар қилинган эди. У, шунингдек, газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари жуда кўп учраётгани тўғрисида ҳам маълумот берди. «Натижада халқ азият чекмоқда», — деган эди ҳукумат раҳбари.

Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида аҳоли газ йўқлигидан шикоят қилмоқда. Сўнгги илларда кўплаб маҳаллалар газ тармоқларидан бутунлай узилди. Аҳоли мунтазам равишда кўмир ва суюлтирилган газ баллонларини етказиб беришда узилишларга дуч келмоқда.

Чоршанба куни Нукут тумани Шоранбай овули аҳоли уйларида газ йўқлиги сабабли намойишга чиқди. Улар автойўлни тўсиб қўйиб, ғилдиракларга ўт қўйди. Ҳокимият кўмир ва газ баллонларини етказиб бериб, газ уланиш эҳтимолларини ўрганишга ҳам ваъда берди.

Октябрда «Ўзнефтгазинспекция» 3,0 млрд сўмлик 4,2 млн куб метр табиий газ талон-тарож қилинганини аниқлаган эди. Энг жиддий қонунбузарликлар Фарғона ва Жиззах вилоятларида содир этилган.