Вазирликлар, идоралар ва бошқа бюджет ташкилотлари тасарруфидаги бюджетдан ташқари жамғармалар Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети таркибига киритилади. Бу ҳақда шанба куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида бош вазир ўринбосари — молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

Йиғилишда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев вазирлик ва идораларга ажратилган бюджет маблағларининг бир қисмини махсус жамғармаларга ўтказишга рухсат берилганига эътибор қаратди. Шуни инобатга олиб, ушбу маблағлардан самарали фойдаланиш масаласини кўриб чиқиш зарур, деди у.

Давлат бюджети республика ва маҳаллий бюджетларни ўз ичига олади ҳамда давлат мақсадли жамғармаларини ўз таркибида консолидация қилади. 2020 йил 1 июлгача вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари тасарруфидаги барча жамғармалар ҳам бюджет таркибига киритилиши кутилмоқда.

«Барча вазирликларнинг жамғармалари бюджетда консолидация қилиниши керак. Бу йил биз 17 та шундай жамғармани [бюджет таркибига] киритдик. Вазирлик ва идоралар қошида ташкил этилган жамғармаларни кирита олмадик. Тўғрисини айтсам, жисмонан улгурмадик», — деди Жамшид Қўчқоров.

Молия вазири вазирликлар ва бошқа бюджет ташкилотлари ҳузуридаги жамғармалар бутун дунёда мавжуд эканини, бироқ уларнинг барчаси «шаффоф ва очиқ» эканини айтди.

«Биринчидан, даромадлар аниқлаштирилган. Кейин эса уларни қайси соҳаларга сарфлаш мумкинлиги аниқ кўрсатилган. Бу АҚШда ҳам, Россияда ҳам ва бошқа мамлакатларда ҳам мавжуд. Жамғармалар [фаолияти] жуда чекланган», — деди вазир.

«Бу ерда бир қанча ҳурматли вазирлар ўтиришибди, бу уларга бироз ёқмаса ҳам очиқ айтаман: улар „бу бизнинг пулимиз, уларни биз топяпмиз-ку“, деб ҳисоблашади. Улар бу пулни истаган йўналишида сарфлаяпти, демайман, лекин белгиланган меъёрга нисбатан эркинроқ сарфлаяпти», — дея қўшимча қилди у.

Бош вазир ўринбосари вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларини сарфлаш бўйича ёндашувини нотўғри деб ҳисоблашини айтди: «Хафа бўлишса ҳам, биринчидан, бу пулни далада кетмон чопиб топишаётгани йўқ. Иккинчидан, улар давлат биносида ўтириб пул топишади».

«Улар шунга ўхшаш ҳеч нарса қилишмаган, шунчаки тўловларни қабул қилишади ва бўлди», — деди у.

Жамшид Қўчқоров ҳукумат маблағларни сарфлаш самарадорлигини ошириш ва бюджет интизомини таъминлашни устувор вазифа сифатида белгилаб олганини алоҳида таъкидлади. «Умид қиламанки, биз буни тартибга соламиз», — деди у.

Аввалроқ молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров бюджетни консолидация қилиш режалари ҳақида маълум қилганди. Март ойида у давлат бюджетига тааллуқли барча таҳдид ва хатарларни тўлиқ баҳолаш мақсадида унинг «яхлитлиги»ни такомиллаштириш, яъни вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат органлари тасарруфидаги барча жамғармаларни давлат бюджети таркибида бирлаштириш кўзда тутилганини таъкидлаганди.

Бундан ташқари, халқаро молия институтларидан олинган кредитлар ва улар бўйича харажатларни бюджетда акс эттириш тавсия этилганди. «Бу бюджетнинг шаффофлигини янада оширади», — деганди Аҳадбек Ҳайдаров.

Молия вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов Молия вазирлиги бюджет харажатлари — давлат бюджети, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини «қатъий назоратга олишини» таъкидлаганди.