Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 декабрь куни Тожикистон пойтахти — Душанбе раиси Рустам Эмомалини қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Икки қардош мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш таъминлангани, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида стратегик шериклик йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.

Душанбе раиси Рустам Эмомали қабул учун самимий миннатдорлик билдириб, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда мамлакатлар пойтахтлари Тошкент ва Душанбе ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Шаҳарни бошқариш ва инфратузилмани ривожлантириш, «йўл харитаси» асосида қўшма кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш каби йўналишларда мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.