Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 декабрь куни «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январрдан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқаролардан талаб қилиниши, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилишига йўл қўйилмайдиган 28 турдаги ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди:
- Яшаш жойидан маълумотнома;
- Ариза берувчи яшаш жойи бўйича бир ўзи яшаши (рўйхатдан ўтказилганлиги) тўғрисидаги маълумотнома;
- Доим ва вақтинча руйхатдан ўтказилган истиқомат қилувчилар сони тўғрисида маълумотнома;
- Яшаётган муддати кўрсатилган доимий истиқомат жойидан маълумотнома;
- Яшовчилар сонини тасдиқлайдиган маълумотнома;
- Турар жойда яшаётган шахслар кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома;
- Ариза берувчи яшаш жойи бўйича бир ўзи яшаши (рўйхатдан ўтказилганлиги) тўғрисидаги маълумотнома;
- Фуқаронинг ёлғиз яшаётганлигини тасдиқловчи маълумотнома;
- Оила аъзоларининг пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турганлиги ҳолатини тасдиқловчи маълумотнома;
- 80 ёшга тўлган, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган кекса ёшдаги одамга парвариш қилган вақтини тасдиқловчи маълумотнома;
- Қарамоғида меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари борлигини тасдиқловчи маълумотнома;
- Вафот этган боқувчининг қарамоғидаги оила аъзолари таркиби тўғрисидаги маълумотнома;
- Вафот этган ходим билан қариндошлиги даражасини тасдиқловчи маълумотнома;
- Шахсий томорқа хўжаликларида ишловчи фуқароларни банд бўлганлигини тасдиқловчи маълумотнома;
- Шахс ҳаққиқатдан ҳам ногиронни парвариш қилаётганлигини тасдиқловчи маълумотнома;
- Ишсизлиги тўғрисидаги маълумотнома;
- Вафот этган боқувчининг ота-оналари, турмуш ўртоғи, буваси, бувиси, акаси (укаси) ёки опаси (синглиси) вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларига, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан банд бўлганлигини ва ишламаганлигини тасдиқловчи маълумотнома
- Вафот этганнинг ота-оналари, турмуш ўртоғи ёки оиланинг бошқа аъзоси вафот этганнинг уч ёшга тўлмаган болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларига қараш билан банд бўлганлигини ва ишламаганлигини тасдиқловчи маълумотнома
- Марҳумнинг ходим билан қариндошлиги даражасини тасдиқловчи маълумотнома;
- Туғилганлик ҳақида такрорий гувоҳномаларни олиш учун вояга етмаган шахснинг ёки паспорт олмаган шахснинг шахснинг фотосурати ёпиштирилган маълумотнома;
- Васийликка олинганларни таъминлаш ва уларни зарур даражада парваришлаш бўйича қариндошларининг бунга қодирлигини тасдиқлаш учун маълумотнома;
- Васий ёки хомий бўлиш истагини билдирган ишламайдиган шахслар учун маълумотнома;
- Шахсий ёрдамчи хўжалигида қорамол мавжудлиги ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан бандлиги тўғрисида маълумотнома
- Ўзи тайёрлаган товарларни чакана сотувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун ишлаб чиқариш шароитлари мавжудлигини тасдиқловчи маълумотнома;
- Алоҳида хонада яшаши керак бўлган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) бемор аёллар тўғрисидаги маълумотнома;
- Кам таъминланган оилада ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларни тарбиялаётган аёллар тўғрисидаги маълумотнома;
- Жазони ўташ жойларидан озод қилинган, шунингдек, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган шахслар тавсифлари билан маълумотнома;
- Дафнни ўтказганлик ҳолати тасдиқлаш учун маълумотнома.
Аввал хабар қилганимиздек, 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмалари ўртасида ҳужжат айланиши ва ҳисоботларни юритиш фақат электрон кўринишда шакллантирилади ва амалга оширилади.
Ҳужжат Адлия вазирлиги тавсиялари асосида ишлаб чиқилган.