Афина-2004 Олимпия ўйинлари ғолиби, жаҳоннинг уч карра чемпиони, грециялик Илиас Илиадис бугун Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида мамлакат дзюдо федерацияси билан шартнома имзолади, дея хабар қилди МОҚ матбуот хизмати. Шартнома 2020 йилнинг октябрига қадар мўлжалланган.
«Токио Олимпиадасига тайёргарлик йўлида МОҚда янги раҳбарият шаклланди. Бу раҳбарият олдига улкан вазифалар қўйилган бўлиб, ҳар биримиз зиммамизда турган масъулиятни ҳис қилиб турибмиз. Барча федерациялар, мураббийлар бир ёқадан бош чиқариб ишласак, маррага ета оламиз», — деди Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов.
МОҚнинг маълум қилишича, Ўзбекистон дзюдо федерацияси ва грециялик Илиас Илиадис ўртасида 2020 йилнинг октябрига қадар мўлжалланган шартномага имзо қўйилди.
Маълумот учун, Илиас Илиадис 1986 йил 10 ноябрь куни таваллуд топган. 17 ёшида Афина-2004 Олимпиадаси чемпионлигини қўлга киритган, Лондон Олимпиадаси совриндори ва 3 карра жаҳон чемпиони.
Бугун Илиадис бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ўқув-машғулот йиғинини олиб бориш учун Грузияга жўнаб кетди. 29 декабрга қадар мўлжалланган мазкур йиғин дзюдочиларимизнинг жисмоний тайёргарлигини оширишга қаратилган.