Ижтимоий тармоқларда Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган, ҳақоратли сўзлар ишлатилган мулоқотнинг аудиоёзуви юзасидан Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан Мингбулоқ туманида ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Масала вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, унинг ўринбосари Т.Рапиқов ҳамда вилоят прокурорининг ўринбосари Ш.Қосимов иштирокида Мингбулоқ тумани ММТП раислари, фермерлар, туман фаоллари ҳамда оқсоқоллар билан йиғилишда муҳокама қилинди.

Мазкур йиғилишда аудиоёзув ҳақиқатдан туман ҳокими Нуршод Худойбердиевга тегишлилиги аниқланди. Аудиоёзувда қайд этилган мулоқот 2019 йил 10 декабрь куни тумандаги «Гигант» машина саройида «Гигант», «Гулбоғ-1», «Гулистон» ММТП ҳудудларига кирувчи фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашув чоғида юз бергани, туман ҳокимининг этикага мос келмайдиган сўзлари техникаларини келгуси йил тайёргарлиги доирасида таъмирлаш учун дислокация бўйича белгиланган саройга олиб келмаган фермерларга қаратилгани маълум бўлди.

Туман ҳокими томонидан бу борадаги топшириқ 2019 йил 5 ноябрда берилгани ва техникаларни тўлиқ таъмирдан чиқаришнинг сўнгги санаси 2019 йил 10 декабрь этиб белгиланганига қарамай, айрим фермерлар мазкур топшириққа эътиборсиз бўлгани юзасидан муҳокама ўтказган туман ҳокими, мулоқот чоғида ҳақоратли иборалардан фойдалангани ўша йиғилиш иштирокчилари томонидан тасдиқланди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров туман ҳокимининг бундай тарзда ишлашини кескин танқид қилиб, ҳар қандай раҳбар бошқарувда қонун доирасидан четга чиқмаслиги, ҳокимнинг қонуний талабини бажармаган шахсларга нисбатан ҳам қонуний чора кўрилиши лозимлигини, бугунги кун ҳокими ўз иши, сўзи, хулқ-атвори билан барчага ўрнак бўлиши шартлигини таъкидлади.

Муҳокамада иштирок этган туман оқсоқоллари, ММТП раислари, туман прокурори ва ИИБ бошлиғи томонидан туман ҳокими фаолиятида бундай ҳолатнинг аввалдан кузатилмагани, бироқ умумий олганда сабаби қандай бўлишидан қатъий назар ахлоққа зид бўлган мулоқот усулини кескин қоралашлари билдирилди.

Нуршод Худойбердиев йиғилишда айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирди: «Туман ҳокими сифатида бундай хатога йўл қўйганим — бу менинг айбим. Бу мен учун катта сабоқ бўлди. Барчадан минг бор узр сўрайман. Бундай ҳолатни такрорламаслик, келгуси фаолиятимда қонун-қоидалар, раҳбарлик ва ўзаро мулоқот маданияти доирасидан четга чиқмасликка ваъда бераман», дея туман аҳлидан кечирим сўради.

Нуршод Худойбердиев вилоят ҳокимлиги томонидан қаттиқ огоҳлантирилди.

Вилоят прокуратураси томонидан ҳолатнинг маъмурий жавобгарлик жиҳатини аниқлаган ҳолда қонуний чора кўрилиши ва прокуратура қарори юзасидан қўшимча баёнот эълон қилиниши маълум қилинади, деб хабар беради Наманган вилояти ҳокимлигининг ахборот хизмати.