Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ йилнинг навбатдаги 10 кунида — 11−20 январь оралиғида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари статистикасини эълон қилди.
Бошқарма маълумотларига кўра, 10 кун ичида 141та ЙТҲ қайд этилган, 25 киши ҳалок бўлган ва 148 киши жароҳатланган (йилнинг дастлабки 10 кунида — 107та бахтсиз ҳодиса, 35 киши ўлган ва 100 киши жароҳатланган).
Пиёдалар иштирокида 52та бахтсиз ҳодиса содир бўлган, шундан 6 таси болалар иштирокида. Икки ҳолатда авариялар маст ҳолдаги ҳайдовчилар айби билан содир бўлган.
ЙТҲларнинг асосий сабаблари:
- ҳайдовчининг пиёдани пайқамаслиги — 23;
- пиёдаларнинг белгиланмаган жойда йўлни кесиб ўтиши — 21;
- қувиб ўтиш қоидаларини бузганлик — 14;
- белгиланган ҳаракат тезлигига риоя қилмаслик — 14;
- ёмон об-ҳаво шароити — 12;
- ҳаракат пайтида йўналишни ўзгартириш — 12;
- пиёдаларнинг йўлни кесиб ўтишлари учун етарли шароитнинг йўқлиги — 8;
- ҳайдаш пайтида масофани сақламаслик — 8;
- қарама-қаршидан келаётган автомобиль чироқларининг ҳайдовчилар кўзини кўр қилиши — 7;
- светофорнинг тақиқланган сигналига ўтиш — 6.
Энг кўп ЙТҲ Тошкент шаҳрида — 26 та, ундан кейин Тошкент вилоятида — 23 та, Фарғона вилоятида — 17 та, Наманган вилоятида — 16 та ва Қашқадарёда — 12 тадан, қолган ҳудудларда 3 тадан 9 тагача ЙТҲ содир бўлган.