Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни «Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қарор билан қишки спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш, Ўзбекистон спортчиларини халқаро спорт мусобақаларида муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда қишки спорт турларини 2020−2023 йилларда ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Дастурда «Ўзкўргазмасавдо» биноси базасида қишки спорт турлари (фигурали учиш, шорт-трек, кёрлинг ва бошқа) бўйича мусобақалар ўтказиш, кўргазмалар ва форумлар ўтказишга мўлжалланган замонавий муз саройи ташкил этиш назарда тутилди.
2023 йил 1 январга қадар Қишки спорт турлари ассоциацияси, Ўзбекистон хоккей федерацияси, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, қишки спорт турлари бўйича профессионал клублари ва нодавлат болалар спорт мактаблари:
- мол-мулк солиғи ҳамда жалб қилинган хорижий спортчилар ва мутахассисларнинг даромадларига ижтимоий солиқ ставкаларини 50 фоизга камайтирилган ҳолда тўлайди;
- белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари, инвентарлари ва махсус профессионал спорт кийимлари, транспорт воситаларини олиб кирганлик учун божхона божи тўлашдан озод қилинади.
Шунингдек, 2020−2023 йилларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ҳудудларда енгил конструкцияли ёпиқ муз қопламали майдонлар қурилади.
Қарорга кўра, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг бакалавриат таълим йўналишига 2020/2021 ўқув йили учун ажратилган қабул параметрларини йўналишлар бўйича тақсимлашда қишки спорт турлари учун ўрин ажратилади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мазкур университетда қишки спорт турлари кафедраси ташкил этилади.