Uzbekistan Airways авиакомпанияси 14 февралдан учувчилар ва борткузатувчиларнинг янги формасини жорий этади, дея хабар қилди авиаташувчи матбуот хизмати.

Самолёт экипажи қиёфасида кескин ўзгаришлар 15 йил ичида биринчи марта содир бўлди.

Кийимлардаги асосий ранг қуюқ аквамарин ва терракота рангларидир. Қизлар учун юбка, шим,блузкалардан иборат бўлган, икки хил рангли янги тўплам тақдим этилган. Пиджакнинг астарлари терракота рангида бўлиб, логотип тасвири туширилган.

Аксессуарлар сифатида бош кийим, матоли ва чарм қўлқоплар, соч турмаги яратиш учун матоли эластик тасмаси ва икки хил рангдаги бўйин шарфлари киритилган. Блузкалар ва бўйинбоғлардаги безаклар шарқона услубда яратилган. Қишки ёмғирпўш- палтоси йечиб олинадиган изоляцияланган астарга эга.

Эркак борт кузатувчи ходимлари учун тўплам қуюқ кулранг рангдаги уч қисмли костюм кўринишида, қуюқ аквамарин безаклари билан тақдим этилади. Бош кийим тўқ кул рангда кумуш безак билан безатилган.

Учувчилар учун костюмлар олдинги рангида қолдирилган. Брендли тугмалар ва эксклюзив галстуклар яратилди.

Мато турли иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда танланган.

Лойиҳада маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этишди. Матоларни танлаш ва асосий тўпламнинг биринчи партиясини тикиш Туркиянинг Dress Best Uniforms компанияси томонидан амалга оширилди, мазкур компания Turkish Airlines, Fly Dubai, Аlbania Airlines ва Flynas авиакомпаниялари билан иш олиб борган.