Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан тиббиёт ниқоблари тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Мазкур қарор мамлакатда 2019-nCoV коронавируси янги тури тарқалишининг олдини олиш, республика ҳудудида қулай санитария-эпидемиологик муҳитни таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш ва тиббиёт ниқоби тақчиллигини олидини олиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кенг имконият яратиш мақсадида қабул қилинди.

Эндиликда, тиббий ниқобни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ҳамда уни реализация қилиш учун лицензия талаб этилмайди. Шунингдек, тиббий ниқоб амалиётда кўллаш учун давлат рўйхатидан ўтказилмайди.