Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, COVID-19 вирусини аниқлайдиган 200 мингта тест-системаси ҳамда 50 мингта бир марталик бош кийимли ҳимоя комбинезони сотиб олиниб, ҳарбий ҳаво кемасида Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ахборот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Умумий оғирлиги 20 тоннани ташкил этадиган юк давлат раҳбарининг коронавирусга қарши курашиш учун ажратган маблағлари ҳисобига (27,8 млрд сўм) сотиб олинди.

Ушбу махсус рейсда Хитой томонидан берилган 2,5 млрд сўмлик турли хил тиббий буюмлар шаклидаги инсонпарварлик ёрдами ҳам келтирилган.

Бундан ташқари, 31 март куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан 16 млрд сўмлик, 3 апрелда эса қўшимча 45 млрд сўмлик тиббий техника ва ҳимоя воситалари коронавирусга қарши курашиш учун ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинади ва ҳарбий ҳаво кемасида олиб келтирилади.

Жумладан, хорижий тажрибани кенг ўрганган ҳолда соғлиқни сақлаш ходимлари учун алоҳида 2 даражали яъни, қизил зонага мўлжалланган махсус комбинезонларни харид қилишга ҳам эътибор қаратилган.