АҚШда Ўзбекистон фуқаролари орасида COVID-19 коронавирус инфекциясидан илк ўлим ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Вашингтондаги элчисихонаси матбуот хизмати хабар қилди.

Вафот этганлардан бири 51 ёшли эркак киши, иккинчиси эса 69 ёшдаги аёл кишидир. Уларнинг ҳар иккиси ҳам Нью-Йорк шаҳрида истиқомат қилган.

Дипломатик муассаса вафот этганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, АҚШ, Канада ва Америка қитъасининг бошқа давлатларида истиқомат қилаётган ватандошлардан эҳтиёткор бўлиш, тиббиёт ходимлари ва ҳукумат тавсияларига қатъий риоя қилиш ҳамда уйда қолишни илтимос қилган.

«Америка овози»нинг 2 апрелда маълум қилишича, марҳума аёл 9 йилдан буён АҚШда доимий яшаб келган. Қарияларга хизмат кўрсатиш тизимида ишлаган марҳума анча йиллар давомида қанд касаллигидан азият чекиб келган. Икки ҳафта олдин тоби қочиб касалхонага тушган, уйда изолятсия шароитида даволаниш тавсияси билан жавоб берилган, аммо бир ҳафта ўтиб оғирлашган ва яна касалхонага олиб кетилган.

Эркак эса 6−7 йилдан буён АҚШда ўз оиласи билан доимий яшаб келган ва у ҳам қанд касаллигидан қийналган. Устачилик билан машғул бўлган марҳум март ойининг ўрталарида ўпкаси қаттиқ шамоллаб, касалхонага тушган. Пневмония унинг ҳолатини янада оғирлаштирган, дейилади хабарда.

«Америка овози»нинг хабар беришича, Нью-Йорк шаҳрида ўзбекистонликлар орасида 10 дан ортиқ коронавирус беморлари бор. Уларнинг энг ёши 29−30 ёшда эканлиги айтилган.