5 апрель куни Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Лейен Европа Иттифоқи давлатларини ҳозирги коронавирус инқирозининг фожиали иқтисодий оқибатлари юмшатиш учун иттифоқ бюджетига миллиардлаб сармоя киритишга чақирди. Бу ҳақда Германиянинг Deutsche Welle нашри хабар берди.

«Бизга Европа учун Маршалл режаси керак. Келгуси офатларнинг олдини олиш учун бугун Иттифоқнинг иқтисодиётига миллиардлаб евро инвестиция киритилиши лозим», — деб ёзди Урсула фон дер Лейен Welt am Sonntag газетасига берган эксклюзив шарҳида.

У ЕИ бюджети инқирозга мослаштирилиши кераклигини ҳамда иттифоқ бюджетига миллиардлаб инвестиция киритилган ҳолда Европа тез орада яна оёққа туриши ҳамда Европа халқлари янгиланишига ишонч билдирган.

Маълумот учун, Маршалл режаси — Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Ғарбий Европа иқтисодиётига ёрдам бериш учун 1948−1952 йилларда АҚШ томонидан тузилган тиклаш дастуридир.