Йўл-патруль хизмати, Миллий гвардия ҳамда санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан 6 апрель куни Тошкент йўлларида 601 та йўл ҳаракати қоидабузарлиги қайд этилди, дея хабар берди ИИББ матбуот хизмати.

Рейдлар давомида 398 та автомобиль жарима майдончасига жойланди. Хусусан, 395 та ҳолатда автомобиль шаҳар бўйлаб рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланган.

Уларга нисбатан Санитария эпидемиология хизмати ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54- моддаси 2- қисмига (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) кўра баённомалар расмийлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, 30 мартдан буён Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда барча вилоят марказларида махсус рухсатномасиз транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланган эди. Ушбу тақиққа қарамасдан стикерсиз автомобиль бошқарганларга нисбатан МЖТКнинг юқорида келтирилган моддасига биноан, БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 460 минг сўмдан 6 млн 690 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса -30 бараваридан 50 бараваригача (6 млн 690 минг сўмдан 11 млн 150 минг сўмгача) миқдорда жарима солинади. Уларнинг автомобиллари эса Ўзбекистонда карантин бекор қилингунга қадар жарима майдончасига жойланади.