Коронавирусга қарши курашиш бўйичa чора-тадбирлар доирасида фуқаролар кўчаларда ва жамоат жойларида ҳимоя ниқобларида бўлишлари белгиланган. «Газета.uz» ҳимоя ниқобларидан тўғри фойдаланиш бўйича тавсияларни эълон қилган эди.
Баъзи кишилар тиббий ҳимоя қўлқопларидан фойдаланишга ҳам қарор қилишди. Кўплаб тиббиёт мутахассисилари ушбу қўлқоплар инфекциядан сақламаслигини, уларда ҳам бактерия ва вируслар тўпланиб қолишини таъкидлашган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг йўриқномасига кўра, тиббий ҳимоя қўлқопларидан фақат шифокорлар беморлар билан ишлаганда ва уйда беморлар билан мулоқотда бўлаётган вазиятда фойдаланиш керак.
Тиббиёт ходимлари қўлқопларини тезда алмаштириб туришлари талаб этилади. Қўлқоплар билан эшик дасталарини ушлаш ёки бошқа жиҳозларга тегиниш мумкин эмас. Агар қўлқоплардан нотўғри фойдаланилса, улар вирус ва бактериялар тарқалишига тўсқинлик қила олмайди.
Хўш, тиббий ҳимоя қўлқопларидан қандай қилиб тўғри фойдаланиш мумкин? Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Европа касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази тавсиялари асосида ушбу қўлқоплардан фойдаланиш қоидаларини ҳавола этамиз.
- Ҳимоя қўлқопларини кийишдан олдин қўлларингизни антисептик гель билан тозаланг ёки яхшилаб совунлаб ювинг.
- Бир маротабали қўлқопларни кўп марта ишлатманг.
- Кўп маротабали қўлқоплардан фойдаланмоқчи бўлсангиз, уларни ишлатгандан кейин совунлаб ювинг ва 0,1 фозли гипохлорит натрий эритмаси билан артинг.
- Қўлқоп йиртилса, уни дарҳол ечиб ташланг.
- Қўлқопларни ечгандан сўнг қўлларингизни ювинг.
Қўлқоплардан фойдаланиб бўлгандан сўнг, уларни тўғри ечиш жуда муҳим. Қуйида иллюстартив тарзда қўлқопларни қандай ечиш кераклиги тушунтирилган.
Қўлқопни ташқи қисмидан ушлаб, чеккасидан тортишни бошланг.
Қўлқопни бармоқларингизгача тортинг.
Ёпиқ бармоқларингиз билан иккинчи қўлқоп чеккасини тортинг.
Иккинчи қўлқопни ҳам ярмигача ечинг.
Бир қўлингиздаги қўлқопни охиригача ечинг.
Кейин иккинчи қўлингиздаги қўлқопни ечиб ташланг.
Ишлатилган қўлқопларни ахлатга ташлаш эсингиздан чиқмасин.
Расмлар: Европа касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази.