Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Ўзбекистонда коронавирус билан курашиш мақсадида яратилаётган янги шифохоналар учун тиббий ускуналар ва буюмларни тезкор харид қилишни молиялаштиришга 17 млн доллар миқдоридаги маблағлар йўналтирди. Маблағлар ИТБнинг Ўзбекистондаги жорий кредит портфелидан ажратилди, дея хабар қилди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президенти Бандар Ҳажар билан музокаралар 8 апрель куни видеоконференция форматида бўлиб ўтди.
ИТБ коронавирус билан касалланган беморлар учун қурилаётган янги шифохоналарни жиҳозлашга инфрутузилма лойиҳалари доирасида иқтисод қилинган 46 млн долларни қайта йўналтириш орқали Ўзбекистонга қўшимча ёрдам кўрсатишга тайёр.
ИТБ президенти мазкур йўналишда банк ўзининг шўъба институтлари бўлмиш Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси ва бошқаларнинг имкониятларидан фойдаланиб, кўмаклашишни кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлади.
Видеоконференция якунларига кўра томонлар соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжлари ва Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун ИТБ томонидан умумий қиймати 140 млн доллардан ортиқроқ бўлган қўшимча молиялаштиришни жалб этиш бўйича ишлашга келишиб олдилар.