Бугун Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Анвар Обиджон оламдан ўтди. Бу ҳақда ЎзА Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига таяниб хабар қилди.

Анвар Обиджон 1947 йил 8 январда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган эди. Шоир 1979 Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тугатган.

Китобхонлар шоирнинг «Она Ер», «Баҳромнинг ҳикоялари», «Эй, ёруғ дунё…», «Оловжон ва унинг дўстлари», «Кетмагил», «Масхарабоз бола», «Аканг қарағай Гулмат», «Жуда қизиқ воқеа», «Даҳшатли Мешполвон», «Ерликлар», «Булбулнинг чўпчаклари», «Одобли бўлиш осонми», «Танланган шеърлар», «Ўқ ўтмас болакай ёхуд олтин юрак», «Ажинаси йўқ жинкўчалар» китобларини яхши билади.

У болалар учун ҳам, катталар учун ҳам кўплаб қисса, шеър, достон, ҳикоя, пьесалар яратди. Анвар Обиджоннинг драматург сифатидаги фаолияти 1983 йил «Қўнғироқли ёлғончи» комедияси Ёш томошабинлар театрида саҳналаштирилганидан бошланган. Анвар Обиджон «Фидокорона хизматлари учун» ордени, «Шуҳрат» медали соҳиби бўлган.