Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг раҳбари Тедрос Гебрейесус COVID-19 коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган карантин чекловларини бекор қилишда эҳтиёткорликка чақирди, дейилади БМТ матбуот хизмати хабарида.

«Биз биламизки, COVID-19 жуда тез тарқалмоқда ва унинг ҳалокатли эканлигини англаймиз: коронавирус 2009 йилдаги грипп эпидемиясидан 10 баравар кўпроқ одамни ўлдирмоқда. Биз биламизки, вирус жуда кўп одамлар яшайдиган жойда, масалан, қариялар уйларида тез тарқалади. Биз биламизки, вирусни юқтиришнинг олдини олиш учун ҳар бир ҳолат ўз вақтида аниқланиб, текширув ўтказилиши, ҳар бир юқтирган одам изоляция қилиниши ва даволаниши керак. Биз биламизки, баъзи мамлакатларда бу касалликка чалинганлар сони ҳар 3−4 кунда икки баравар кўпаймоқда», — деди Тедрос Габрейесус

Бундан ташқари, вируснинг тарқалиши секинлашувларга қараганда анча юқори. Бошқача қилиб айтганда, ЖССТ раҳбари «чўққига кўтарилиш тушишдан кўра тезроқ» деб тушунтирди. Бу шуни англатадики, «қаттиқ» чоралар аста-секин, доимий мониторинг орқали ва «соғлиқни сақлаш тизими инфекциянинг янги ҳолатларини кузатиб, уларни даволашга қодир бўлса ва қайтадан авж олишни самарали ҳал қилишга тайёр бўлса» бекор қилиниши керак.

Хусусан, яқингача коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони бўйича етакчи бўлган Италия ва Испания чекловларни енгиллаштириш ҳақида ўйламоқда. Euronews хабарига кўра, олтинчи ҳафта карантин ва ўзини яккалаш тартиби бошланган Италияда баъзи жойларда чораларнинг енгиллашиши кучга кирди. Мисол учун, янги туғилган чақалоқлар учун буюмлар сотиладиган дўконлар очилди.

13 апрель куни Испанияда 3 миллион киши ишга қайтди: қиролликда коронавирус инфекциясининг янги аниқланган ҳолатлари иккинчи кундирки камаймоқда. Хусусан, қурилиш соҳаси ўз фаолиятини қайта тиклашга муваффақ бўлди. Аммо бу чоралар жамиятнинг бир қисми томонидан кескин танқидга учрамоқда. Касаба уюшмалари ва баъзи сиёсатчилар мамлакатда тахминан 17,7 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган пандемиянинг янгидан авж олишидан қўрқмоқда.

14 апрелдан бошлаб Австрия коронавирус учун чекловларни олиб ташлашни бошлади: биринчи бўлиб кичик дўконлар ўз фаолиятини бошлайди, аммо мамлакат чегаралари сентябрь ойигача очилмайди, дея хабар беради РИА Новости.

Баъзи давлатлар чекловларни енгиллаштиришни режалаштираётган бўлса, бошқалари уларни жорий қилишни кўриб чиқмоқдалар — асосан ўртача ва кам даромадли Лотин Америкаси, Африка ва Осиёдаги мамлакатлар.

Ҳисоботга кўра, 1,4 миллиард бола мактабга бормайди, бу шунчаки ўқишни тўхтатмади — уларнинг баъзилари зўравонлик қурбони бўлишмоқда ва кўпчилиги овқатланиш учун ягона имкониятидан маҳрум бўлишди, дейилади хабарда.

АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйлаб 1,93 миллиондан зиёд одамларда коронавирус инфекцияси аниқланган, 120 мингдан ортиқ киши вафот этди.