Республика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг 14 апрелдаги қўшма йиғилиши қарорига асосан коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш ва эълон қилинган карантин талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашга қаратилган бир қатор чоралар белгиланди.
Хусусан, қўшма қарорга мувофиқ, карантин даврида ногиронлик муддати тугайдиган фуқароларни қайта кўрикдан ўтказмасдан, ногиронлик муддатлари автоматик тарзда узайтирилган ҳолда пенсия (нафақа) тўловлари давом эттирилади.
Шунингдек, карантин даврида пенсия ва нафақа (жумладан, дафн маросими ва бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа)ларга ҳуқуқи пайдо бўлган фуқароларга, карантин тадбирлари тугагандан кейин 1 ой давомида Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат этиш ҳуқуқи тақдим этилади, бунда уларга пенсия (нафақа)лар карантин чекловлари давридаги ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинланади.
Банк пластик карталари ва ишончнома орқали пенсия (нафақа) олаётган ҳамда тайинланган пенсия (нафақа)га бўлган ҳуқуқини тасдиқлаш муддати келган, шахсни тасдиқловчи ҳужжати (паспорт) муддати тугаган фуқаролардан ҳужжат талаб этмасдан, тўлов муддатлари 4 ой муддатга узайтирилади.