14 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленский Николай Петрович Дорошенкони Украинанинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинлади. Тегишли фармон давлат раҳбарининг веб-сайтида эълон қилинди.

Дипломат ўзининг тайинловини Фейсбукда қуйидагича изоҳлаган:

«Мен Президент [Владимир] Зеленский ва ташқи ишлар вазири [Дмитрий] Кулебага халқаро майдонда Украина давлатини ҳимоя қилишда менга ишонч билдирганлари учун миннатдорчилик билдираман. Яқинда вазир ҳақли равишда „биз мудраб ётганимизда, дунё Шарқ томон йўналишини олди“, дея таъкидлади. Ўзбекистон ҳам иқтисодий истиқболга ва маданий аҳамиятга эга Шарқ ва Осиё мамлакатидир. Мен Украина-Ўзбекистон муносабатларида янги босқични, ўзаро манфаатли, прагматик ва катта салоҳиятли ишларни бошлашга тайёрман!»

Николай Дорошенко Ташқи ишлар вазирлиги тизимида, Украина Президенти маъмурияти ва Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашида ишлаган. У Украинанинг Россиядаги элчихонасида элчи маслаҳатчиси ва махсус топшириқлар бўйича элчи сифатида фаолият юритган. 2015 йилдан 2017 йилгача у Украинанинг Қирғизистондаги элчиси бўлиб ишлаган, сўнгра ташқи ишлар вазирлигининг марказий аппаратига хизматга қайтган.

Украинанинг аввалги элчиси Юрий Савченко саккиз йиллик миссиясини 2019 йил март ойида якунлаган. Шундан бери Украина дипломатик ваколатхонасини муваққат ишлар вакили Денис Погребной бошқариб келган.