Ўзбекистон президенти қарори билан Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил этилди. Бу давлат раҳбарининг 16 апрелдаги «Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ўз аксини топган.

Ҳужжатга кўра, университет, ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётганини ҳисобга олиб, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

  • профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламасини илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқиб, уларнинг иш фаолиятини дарсларга сифатли тайёргарлик кўришга ва илмий салоҳиятини кучайтиришга қаратади;
  • илмий лойиҳаларни бажариш жараёнига иқтидорли талабалар, магистрантлар ва докторантларни жалб қилишни кенгайтиради;
  • иқтидорли талабалар, магистрантлар ва докторантларнинг илмий, инновацион ва стартап лойиҳаларини танлов асосида молиялаштириш чораларини кўради;
  • факультетлар таркиби ва кафедралар йўналишларини кўриб чиқсин ҳамда уларнинг фаолиятини етакчи хорижий олий таълим муассасалари тажрибаси асосида қайта ташкил этади;
  • таълим сифатини ошириш, ўқув ва илмий фаолиятни илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш мақсадида нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирокида онлайн курслар, маърузалар ва маҳорат дарсларини мунтазам ташкил этади;
  • профессор-ўқитувчилар ва масъул ходимлар учун, зарурат туғилганда, тажрибали маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида кредит-модуль тизимига ўтиш бўйича семинар-тренинглар туркумини ташкил қилади;
  • нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда салмоқли илмий нашрлар эълон қилган, «устоз-шогирд» тамойили асосида иқтидорли талабалар, магистрантлар, докторантлар ёки ёш профессор-ўқитувчилар билан ҳаммуаллифликда юқори импакт-факторли халқаро журналларда илмий мақолалар чоп этган профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириш тизимини жорий этади.

Қарорда 2020−2023 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик университетини комплекс ривожлантириш дастурини тасдиқлаш белгиланган. Ушбу дастурдан қуйидагилар ўрин олади:

  • ўқув режаларида амалий ва сайёр машғулотларни ўтказишни кенгайтириш, талабаларда амалий компетенцияларни ривожлантиришга йўналтирилган фанларга ажратилган соатлар улушини ошириш;
  • таълим мазмунини креатив фикрлаш, инновацион ғоя ва ишланмаларни шакллантиришга хизмат қилувчи таълим технологиялари билан бойитиш;
  • илғор хорижий тажриба асосида бошқарув ходимлари ва профессор-ўқитувчилар фаолиятини комплекс баҳолаш индикаторлари асосида моддий рағбатлантириш тизимини яратиш;
  • Университет салоҳиятини босқичма-босқич ошириш мақсадида Университет докторантурасига қабул квотасини кўпайтириш, янги ихтисосликлар бўйича олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашни ташкил этиш;
  • профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, талабалар учун бадиий, илмий ва ўқув адабиётлари электрон каталоглари ҳамда жаҳон таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
  • хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, Университетнинг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлигини таъминлаш.

Университет тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган:

  • шарқ тиллари бўйича малакали таржимонларни замонавий усуллар асосида амалиёт билан уйғунликда тайёрлашга қаратилган Синхрон таржима лабораторияси;
  • талабаларда мустақил таълим компетенцияларини ҳамда шарқ тиллари бўйича электрон таълим ресурсларини шакллантиришга хизмат қиладиган замонавий техник воситалар билан жиҳозланган Мультимедиа маркази;
  • Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази;
  • Шарқ мамлакатларининг ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлил маркази ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академиясига университет билан биргаликда:

  • Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Маҳмуд Замахшарий ва бошқа аждодлар томонидан яратилган Шарқ мамлакатларининг ижтимоий-сиёсий ҳаёти, тили, маданияти ва тарихига оид ёзма манбаларни;
  • Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатлари тарихи, антропологияси, тили ва адабиёти, ижтимоий-сиёсий жараёнлари, ички ва ташқи сиёсатини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш топширилди.

Шунингдек, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтининг Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 20а-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Университетга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз ўтказиб бериш ҳамда 2021 йил 1 августга қадар ушбу ҳудудда университетнинг янги 9 қаватли биноси ва спорт мажмуасини қуриш ва фойдаланишга топширилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, шарқ тиллари соҳасида ўрта бўғин профессионал кадрларни тайёрлаш, шунингдек, истеъдодли ёшлар селекциясини амалга ошириш мақсадида Наманган ва Хива шаҳарларида шарқ тиллари бўйича техникумлар ташкил этилади.