Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган Андижон туманида карантин чекловларига қарамасдан 500 нафардан ортиқ бюджет ташкилотчилари ишчиларининг мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Вазирлик матбуот котиби Шаҳноза Равшанованинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, 10−11 апрель кунлари ёнғоқ кўчатларини экишга Андижон вилояти сув хўжалиги бошқармасига қарашли корхонанинг 120 нафар ишчиси жалб қилинган.

Қайд этилишича, ишчилар бу иш хизмат мажбуриятига кирмаса ҳам, ушбу юмушларни бажаришга розилик билдирган. Бироқ корхона раҳбари тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмаган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги корхона раҳбарига нисбатан Меҳнат кодексининг 124 (иш вақтидан ташқари иш) ҳамда 177- (иш берувчининг бурчлари) моддалари талаблари бузилгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси (меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (1,115 млн сўм) миқдорида жарима тайинланди.

Андижон вилояти Сув хўжалиги бошқармаси, «Андижон худудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ, «Андижон ҳудудгаз» МЧЖ, Андижон вилояти «Сувоқава» ДУКда олиб борилган ўрганишлар натижасида ишчиларни меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари аниқланмади.

Бундан ташқари адирлик ҳудудида Андижон, Булоқбоши тумани Ободонлаштириш бошқармаларининг хақ тўланадиган жамоат ишига жалб этилган ходимлари 2020 йил 13−15 апрель кунлари Ободонлаштириш ишларида иштирок этгани аниқланди, дейилади матбуот хизмати хабарида.