Коронавирус аниқланган бемор бронхопневмония ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, 7 апрель куни пойтахтлик 77 ёшли (аёл) А. сурункали бронхит, ўнг ўпка ателектази, гипертония касаллиги билан карантинга олинган. Зудлик билан ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда «Covid-19» коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

Шундан сўнг унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ўтказилган.

Бироқ вирусолог, пульмонолог, терапевт, кардиолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор 18 апрель куни коронавирус инфекцияси асоратлари: икки томонлама бронхопневмониянинг оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги ва ўпка шишидан вафот этди.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган беморлар сони 5 нафарга етди.