Андижонда 2 нафар ва Бухорода 11 нафар коронавирус беморлари тузалди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасида навбатдаги 2 нафар коронавирусга чалинган бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Тузалганлардан бири, 39 ёшли аёл Хўжаобод туманидан бўлса, иккинчиси 51 ёшли аёл Андижон шаҳридан. Ҳар икки бемор ҳам коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни ютириб олишган.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтгача 11 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 13 нафарга етди.

Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказидан яна 11 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Шифо топганларнинг барчаси 25 март куни чартер рейс билан Россиядан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига жойлаштирилган. Улардан 10 нафари эркак, 1 нафари аёл. Беморларнинг 4 нафари Қашқадарё вилоятидан, 2 нафари Фарғона вилоятидан, Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан эса 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда.

Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 57 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 68 нафарга етди.

Айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 238 нафар бемор тўлиқ соғайди.