21 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1657 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Бош давлат санитария назоратчиси Нурмат Отабеков сўзларига кўра, ҳозирда Тошкентдаги учта тиббиёт муассасасида 356 киши даволанмоқда, улардан 99 нафарида клиник пневмония белгилари мавжуд.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 113 бемор даволанмоқда, 54 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 5 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 97 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 146 бемордан 45 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.

Ҳозирги вақтга келиб, 92 минг фуқаро карантин муддатини стационар ва уй шароитида ўтаяпти, деди Нурмат Отабеков.

Маълумот учун, коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 261 кишини ташкил этмоқда. Беш киши ҳаётдан кўз юмган.