Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан ҳам коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 10 нафар бемор буткул соғайди, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Улар масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайганларнинг 3 нафари Москва — Тошкент, 1 нафари Истамбул — Тошкент йўналишида чартер рейсда келишган ва карантинга олинган. Қолган 6 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган.

Беморлардан 5 нафари эркак, 5 нафари аёллардир. Улардан 9 нафари пойтахтимиздан, 1 нафари Хоразм вилоятидан. Улар орасида энг ёши каттаси 62 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 11 ёшда. Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида шу пайтга қадар 32 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 42 нафарга етди.

Ҳозирча бугунги кун давомида мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 344 нафарни ташкил этмоқда.