АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистонда пандемия шароитида фуқароларга бепул психологик ёрдам кўрсатувчи ресурс ишга туширилганлигини олқишлади. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати хабар берди.
Хабарга кўра, АҚШ давлат котиби Ўзбекистонда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва Қозоғистоннинг АРГО ташкилоти билан ҳамкорликда АҚШнинг халқаро ривожланиш агентлигининг (USAID) молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Инновациялар учун ҳамкорлик» дастури ҳақида илиқ фикрлар билдирган.
«Биз оиладаги зўравонлик ҳолатларига жиддий эътибор қаратамиз, хорижда кўрсатилаётган ёрдамларимиз ҳам ушбу муаммони ҳал қилишга қаратилган. COVID-19 коронавирус пандемияси оқибатида стресс ва босимни ҳис қилаётган оилаларга ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистондаги маҳаллий ҳамкорлар билан ишлаётган USAID жамоаси билан фахрланамиз», — дея таъкидлаган Майкл Помпео ўз Twitter саҳифасида.
Ушбу ресурс «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Инновациялар учун ҳамкорлик» дастури жамоаси, «Ниҳол» ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази ҳамда кўплаб психолог ва волонтёрлар томонидан ишга туширилган.
26 март куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати волонтёрлар ва ННТ вакилларини карантин даврида ёрдамга муҳтожларга кўмаклашишга чақирган эди. Бунга жавобан 7 апрель куни бир гуруҳ кўнгиллилар томонидан Телеграм-канали ва бот ишга туширилди.
Олдинроқ Ўзбекистонда 10 апрелдан бошлаб хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида «Ишонч телефони» хизмати йўлга қўйилганлиги ҳақида хабар берилган эди.