22 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1692 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Бош давлат санитария назоратчиси Нурмат Отабеков сўзларига кўра, ҳозирда Тошкентдаги учта тиббиёт муассасасида 314 киши даволанмоқда, улардан 80 нафарида клиник пневмония белгилари мавжуд.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 100 бемор даволанмоқда, 34 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 76 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 138 бемордан 46 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.

Ҳозирги вақтга келиб, 92 минг фуқаро карантин муддатини стационар ва уй шароитида ўтаяпти, деди Нурмат Отабеков.

Маълумот учун, коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 357 кишини ташкил этмоқда. Олти киши ҳаётдан кўз юмган.