Октябрда Ўзбекистонда мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод (1455−1535) таваллудининг 565 йиллиги кенг нишонланади. Камолиддин Беҳзод хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент кўчаларидан бирига унинг номини берилади. Бу президент Шавкат ирзиёевнинг 21 апрелдаги Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

15 сентябрга қадар Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи хиёбони замонавий қиёфада қайта ташкил этилади ва унинг ҳудудидаги Камолиддин Беҳзод ҳайкали 2022 йилда бронзага ўтказилади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси таъсис этилади.

Ёш истеъдодли ижодкорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Камолиддин Беҳзод издошлари» миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови ташкил этилади ва уни ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб борилади.

Октябрга қадар Камолиддин Беҳзод ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм тайёрланиб, марказий телеканалларда намойиш этилади. Бундан ташқари, «Ўзбекистон замонавий миниатюраси» каталоги тайёрланади.

Ҳужжатда Павел Беньков номини Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабига бериш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 сентябрга қадар Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ўқувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш чоралари кўрилади.