Ўзбекистонда навбатдаги 32 нафар коронавирусга чалинган бемор бутунлай соғайди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Бухоро вилоятидан 31 нафар ва Жиззах вилоятидан 1 нафар коронавирусга чалинган бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Шифо топганларнинг 26 нафари Россиядан, 4 эса Туркиядан чартер рейслар орқали Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

Маълумотга кўра, 2 нафар бемор коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улардан 28 нафари эркак, 4 нафари аёл. Беморларнинг 6 нафари Тошкент шаҳридан, 5 нафари Самарқанд вилоятидан, 4 нафардан Андижон, Тошкент ва Бухоро вилоятларидан, 2 нафардан Сурхондарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидан, 1 нафардан Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Фарғона вилоятларидан. Улар орасида энг ёши каттаси 69 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 16 ёшда.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 486 нафарни ташкил этмоқда.

Аввалроқ 23 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1716 нафарда сақланиб қолингани маълум бўлганди.