Ўзбекистонда яна 9 нафар коронавирусга чалинган бемор бутунлай соғайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 2 нафар, Сурхондарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан эса 1 нафар, Бухоро вилоятидан бугуннинг ўзида яна 6 нафар, жами 9 нафар бемор буткул соғайди. Улар масъуллар иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларнинг 1 нафари (аёл) 54 ёшда, Тошкент шаҳридан. Яна бир нафари (эркак) эса Тошкент вилоятидан, 25 ёшда. Улар коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган.

Сурхондарёда тузалган бемор (эркак) эса 31 ёшда бўлиб, Сирдарё вилоятидан. У жорий йил 27 март куни чартер рейс билан Россиядан Термиз шаҳрига келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган.

Шунингдек, Бухоро вилоятида соғайганларнинг 3 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Наманган вилоятидан бўлса, 1 нафари Бухоро вилоятидан. Уларнинг ёши каттаси 62 ёшда, энг ёши кичиги эса 21 ёшда. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 495 нафарни ташкил этмоқда.

Аввалроқ 23 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1716 нафарда сақланиб қолингани маълум бўлганди.