29 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1955 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков сўзларига кўра, ҳозирда Тошкентдаги учта тиббиёт муассасасида 270 киши даволанмоқда, улардан 42 нафарида клиник пневмония белгилари мавжуд, 7 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир .

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 86 бемор даволанмоқда, 16 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 2 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 79 бемордан 1 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 105 бемордан 26 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланяпти деди Нурмат Отабеков.

Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 992 кишини ташкил этмоқда. Саккиз киши ҳаётдан кўз юмган.

Маълумот учун, АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозирда дунё бўйлаб 3,11 миллиондан зиёд одамларда коронавирус инфекцияси аниқланган. Бундан 928 930 нафари инфекциядан соғайган, 217 183 нафар бемор вафот этган.