Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг юқори даражадаги мутахассислари техник ёрдам кўрсатиш мақсадида Марказий Осиё давлатларига ташриф буюришади. Бу ҳақда ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге маълум қилди.

Хабарга кўра, январ ойи охиридан бошлаб ЖССТ 8 та юқори даражадаги эксперт миссияларини ташкил қилди — Италия, Испания (икки марта), Беларусия, Украина, Грузия ва Озарбайжон. Ҳозирда Марказий Осиё мамлакатларига миссия ташкил этиш режалаштирилган.

Маълум қилинишича, мазкур миссиянинг Марказий Осиё минтақасига ташриф буюришидан асосий мақсад техник ёрдам кўрсатиш.

ЖССТ мутахассисларнинг Озарбайжон ва Миср давлатларига ташрифи чоғида уларнинг асосий вазифалари мазкур мамлакатларда коронавирус инфекциясига боғлиқ вазият бўйича тўлиқ тушунча ҳосил этиш, амалдаги жавоб чораларини кўриб чиқиш, зарур бўлганда жойида техник ёрдам кўрсатиш, жавоб чораларининг кучли томонлари ва камчиликларини аниқлаш ва шу қаторда COVID-19 коронавирус инфекциясига самарали қарши кураш режасини ишлаб чиқиш бўлган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакилининг сўзларига кўра, юқумли касалликларнинг энг кўп ҳолати Америка ва Ғарбий Европада қайд этилган, аммо «ҳозирги вақтда минтақанинг шарқий қисмидаги мамлакатларда касалликнинг тарқалиш даражаси кўпаймоқда». Шу боис, Ханс Клюге коронавирус пандемияси билан боғлиқ бўлган чекловларни олиб ташлашда эҳтиёткорлик зарурлигини ва барча ЖССТ тавсияларини ҳисобга олган ҳолда бундай қарорларни қабул қилишга чақирди.