Коронавирус пандемияси муносабати билан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида, карантин даражасидан қатъи назар, 9 май, Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланади. Бундан ташқари, 1941−45 йиллардаги уруш қатнашчиларининг хонадонларига бориш ҳам тақиқланади.
Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш бўйича республика комиссияси хабарида сўз боради. Байрамни фақатгина оила даврасида нишонлаш тавсия қилинди.
Фахрийларни табриклаш ва рағбатлантириш тадбирлари санитария талабларига риоя қилган ҳолда давлат ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Хабарда жамоат жойларида 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш, шунингдек, уч кишидан кўп шахсларнинг тўпланиши бўйича талаблар сақланиб қолгани эслатиб ўтилган.