Фарғона вилояти Қувасой шаҳар прокуратураси 25 ёшли З. Юлдашевнинг ички ишлар органлари ходимлари томонидан калтаклаб ўлдирилгани ҳақидаги мурожаат бўйича терговга қадар текширув ўтказмоқда, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 4 май куни Қувасойда истиқомат қилувчи Д. Юлдашева шаҳар прокуратураси ишонч рақамига қўнғироқ қилиб, акасини ўғриликда гумон қилиб калтаклаган ИИБ ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Прокуратура ушбу мурожаатни 5 май куни рўйхатга олиш китобига қайд этилган. Текшириш давомида фуқаро З.Юлдашевнинг танасида тан-жароҳатлари бор-йўқлигига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Фарғона филиалига суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Шунингдек, ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви тайинлаш ҳақида Фарғона вилоят ИИБга тақдимнома киритилган.

«Озодлик» радиоси аввалроқ марҳумнинг қариндошлари, шифохона ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбаларига таяниб, Юлдашевнинг ИИБ биносида калтакланганида умуртқа ва думғаза суяги сингани ортидан касалхонада оламдан ўтганини хабар қилди.

Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматлари «Газета.uz»га ушбу хабарнинг ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилди. Улар тақдим этган маълумотларга кўра, З.Юлдашев ҳозирда тирик ва Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги тез ёрдам бўлимида даволанмоқда.