Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан 13 май куни видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишича, касаллик юқиши хавфидан келиб чиқиб, тўловлар нақдсиз шаклга ўтказилган эди. Аҳоли, айниқса, пенсионерларнинг мурожаатларини ҳисобга олиб, иш ҳақи, нафақа ва пенсиялар, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда, нақд пулда тарқатилиши белгиланди.

Май ойидан пенсия, нафақа ва иш ҳақлари тўлиқ карталарга ўтказилган эди. Ижтимоий тармоқларда карталарни етказиб беришдаги муаммолар, уларни олишда Халқ банки филиалларида узун навбатлар вужудга келгани ва пенсияларни тўлаш вақтларининг кечиккани, шунингдек, Humo карталари орқали тўловларни амалга оширишдаги қийинчиликлар ҳақида кўплаб шикоятлар билдирилди.

Марказий банк пенсияларни банк карталари орқали етказиб бериш етарли даражада амалга оширилмагани, бу аҳоли учун қатор ноқулайликлар туғдирганини тан олди.

«Пенсия маблағларини ягона банк орқали етказиб бериш тизими ўзининг самарасизлигини ва ушбу амалиётдан воз кечиш зарурлигини кўрсатди. Бу пенсионерларга ўз хоҳишига кўра ҳар қандай банкдан ҳисоб рақам очиш ва уларнинг карталаридан фойдаланиш имконини беради. Бу имконият бир марталик бўлмайди ва пенсионерлар банк хизматлари қанчалик сифатли кўрсатилишига қараб хизмат кўрсатаётган банкни ўзгартиришлари мумкин бўлади», — деган эди Марказий банк департаменти директори Аброрхўжа Турдалиев.

Шунингдек, шаҳарлар ичида шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловларни бекор қилиш масаласи ўрганилмоқда. Транспорт, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига булар бўйича Республика комиссиясига таклиф киритиш вазифаси қўйилди.