Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва унинг сиёсий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ бир неча ой давом этган сиёсий келишмовчиликдан кейин ҳокимиятни тақсимлаш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Бу ҳақда қўшни мамлакатнинг Tolonews ахборот агентлиги маълум қилди.

Мазкур битимга биноан, Афғонистонда сиёсий ҳокимиятни Ашраф Ғани ва Абдуллоҳ Абдуллоҳ ўртасида тенг равишда (50/50) тақсимланиши кўзда тутилган. Хусусан, Ашраф Ғани президент мақомини сақлаб қолади ва Абдуллоҳ Абдуллоҳ эса Афғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси бўлади. Улар Вазирлар маҳкамаси таркибини танлашда ҳам тенг ҳуқуққа эга бўлишади.

Шу билан бирга, битим билан икки сиёсатчи Афғонистонда барча қарорларни «келишув (консенсус)» асосида ҳал қилишга келишиб олишди. Шу мақсадда, мамлакатда сиёсий муросани таъминлаш учун Ҳукумат Олий Кенгаши ташкил этилади. Ушбу кенгаш муҳим миллий масалалар бўйича президент билан маслаҳатлашади.

Хабарда маълум қилинишича, собиқ вице-президент генерал Абдулрашид Дўстумга маршал унвони берилади ва у Олий Ҳукумат кенгаши ва Миллий хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлиши келишилган. Бу келишув билан, эндиликда, генерал Абдулрашид Дўстум Афғонистон тарихидаги учинчи маршалга айланди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу сиёсий инқироз Афғонистонда 2019 йили ўтказилган баҳсли президент сайловлари оқибатида пайдо бўлган. Сайловларнинг натижаси феврал ойида эълон қилиниб, унда Ашраф Ғани қичиқ фарқ билан ғолиб чиққан эди. Сайловдаги мағлубиятини тан олмаган бош вазир Абдуллоҳ Абдуллоҳ давлат раҳбари сифатида шу куни ўзида президентлик инаугурация маросимини ўтказган. Икки кундан сўнг Ашраф Ғани Абдуллоҳ Абдуллоҳ эгаллаб турган ижроия ҳокимияти раҳбари лавозимини бекор қилган ва шу вақтдан бери Афғонистон сиёсий ноаниқликда эди.