26 май куни қабул қилинган Ўзбекистон президентининг қарорига биноан Маданият вазирлигининг фаолияти такомиллаштирилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Унга мувофиқ, «Ахборот ва компьютер технологиялари маркази» давлат муассасаси «Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ахборот-мультимедиа маркази» давлат муассасаси деб қайта номланди.
Маданият ва санъат кўргазмаси ҳамда Ёшлар маданият ва санъат маркази тугатилиб, уларнинг балансида бўлган бинолар ҳамда моддий-техник воситалари Маданият вазирлигига ўтказилади.
Ташкилий ўзгаришлар қаторида вазирлик ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг барча ҳудудий бошқармалари тузилмасида тегишлича юридик шахс мақомига эга бўлмаган Бадиий экспертиза бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиши маълум қилинди.
Шунингдек, қарор билан вазирликка қарашли «Маданий мерос тиклаш-таъмирлаш» ДУК ҳамда департамент ҳузуридаги «Мерос чашмаси» ДУК тугатилди.
Бундан ташқари, қарорда «Гулистон», «Театр» ва «Мозийдан садо» журналлари ягона таҳририятга бирлаштирилиши белгиланган.
Қарорда қайд этилишича, Маданий мерос илмий-тадқиқот институтига архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини яратиш, геодезия ва картография фаолияти, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолият турларини тегишли лицензиялар олмасдан амалга ошириш ҳуқуқи берилди.
Мазкур ҳужжат билан моддий маданий мерос объектларига эгалик қилувчи ва улардан фойдаланувчи давлат органлари ва бошқа юридик шахслар раҳбарлари ҳамда жисмоний шахслар зиммасига моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилиши белгиланди.
Ҳамда қарорга мувофиқ Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази Маданият вазирлик тизимига ўтказилди.