30 май куни тахминан 19:50 да Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида содир бўлган ЙТҲда 13 ёшли ўғил бола — Ғ. Т. ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабар қилди.

«ИЖ-Комби» ҳайдовчиси (2001 йилда туғилган) Яккабоғдаги 4К-319 автойўлидан ҳаракатланиб кетар экан, йўлдан югуриб ўтаётган пиёдани (2007 й. т.) уриб юборган. Машина эса йўл ёқасидаги анҳорга тушиб кетган.

Натижада бола оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган. Мазкур ЙТҲ юзасидан Яккабоғ туман ИИБ ТБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмокда.

Бола ўлими билан тугаган иккинчи ЙТҲ эса худди шу куни тахминан 19:30 атрофида Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида содир бўлди, дея хабар қилди ЙҲХББ.

«ГАЗ-69» ҳайдовчиси Т. Н. (1959 й. т.) машинасида қўшнисиникига стол-стуллар олиб келган ва транспорт воситасини қаровсиз қолдирган. У билан бирга келган ёш йўловчи (2005 й. т.) машинани ўт олдирган. Машина эса уй олдида ўйнаб юрган 6 ёшли Б. Х.ни босиб кетган. Натижада бола оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш. Рашидов туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 266-модда 2-қисми (Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига олиб келса) билан жиноят иши қўзғатилган.