Ўзбекистонда 18 майдан бошлаб поездлар қатнови қисман тикланди. Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига поезд қатновлари қайта йўлга қўйилди. Шунингдек, Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч ва Термиз шаҳарларига авиақатновлар тикланди.

Бундан ташқари, 1 июндан «яшил» ва «сариқ» тоифадаги ҳудудлар ўртасида ички туризм қайта йўлга қўйилди. Табиийки, фуқаролар мамлакат бўйлаб сафарга чиқишда самолёт ва поездлардан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Шунинг учун, аэропорт ва вокзалларда санитария-гигена меъёрлари ва талаблари қатъий жорий этилган ҳолда, у ерларга кираётган йўловчиларнинг тана ҳарорати текширилади.

Поезд ва самолётларда йўловчиларнинг ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларда бўлиши талаб этилади. Улар орасида ижтимоий масофани сақлаш белгиланган. Бундан ташқари, йўловчилар хавфсизлигини сақлаш мақсадида самолёт ва поездларда йўловчилар учун ўринлар сони камайтирилган.

«Газета.uz» сафарга чиқаётган фуқаролар учун қўшимча эҳтиёт чораларини тавсия этади.

Асосий тавсия: Ҳозирча узоқ сафарлардан тийилиш энг маъқул қарор

Агар сизда коронавирус инфекциясининг аломатлари бўлса, сиз ёки сиз яқиндан мулоқот қиладиган шахслардан кимдир коронавирус инфекцияси билан зарарланган бўлса, унда сафарга чиқмаслик тавсия этилади.

Бундан ташқари, АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари коронавирус фаол тарқалаётган жойлардан бошқа ҳудудларга ёки касаллик тарқалаётган ҳудудларга сафарларни амалга оширмасликни маслаҳат беради.

Барча қоидаларга қатъий риоя қилинг

Агарда сафарга чиқсангиз, барча қоидалар ва чекловларга сўзсиз амал қилинг. Биринчи навбатда, барча аэропортларда ва вокзалларда, самолёт ва поездларда ўрнатилган қоидалар ҳамда чекловларга қатъий риоя қилинг. Аэропорт ёки вокзалга рейсдан анча олдин келиб, кўп вақт қолиб кетманг.

Уйдан чиқишдан олдин тана ҳароратингизни текширинг. Белгиланган тартибга кўра, тана ҳарорати одатдагидан юқори бўлган йўловчилар рейсга қўйилмайди.

Чипталарни онлайн сотиб олинг

Иложи бўлса, чипталарни кассаларда эмас, онлайн харид қилинг. Аэропорт ёки вокзалда контаксиз тўловлардан фойдаланинг.

Ижтимоий масофаланиш қоидаларига амал қилинг

Барча жамоат жойларидаги каби аэропорт ва вокзалларда, самолёт ва поездларда ижтимоий масофаланиш қоидаларига амал қилинг:

  • бошқалар билан камида 2 метр масофа сақланг;
  • юзингизга бармоқларингизни теккизманг;
  • бошқа одамларга тегинманг;
  • аксирганда ёки йўталганда, бурнингиз ва оғзингизни тирсагингиз билан ёпинг.

Тиббий ниқобингизни ечманг

Аэропорт ва вокзалларда ҳимоя ниқобларингизни ва қўлқопларингизни ечманг. Тиббий ниқобингиз намланса ёки йиртилса, дарҳол янгисига алмаштиринг. Тиббий ниқоблар ва ҳимоя қўлқопларидан тўғри фойдаланиш бўйича тавсияларга риоя этинг.

Қўлларингизни ювинг

Самолёт ва поезд ўриндиқлари ёки хавфсизлик камарларини кун давомида бир неча киши ушлаши мумкин. Шунинг учун, сафар вақтида қўлларингизи юзингизи теккизманг ва уларни тозалаб туринг.

Қўлларни ювиш юқумли касалликлар билан зарарланишни 16 фоизга камайтириши мумкин, дейилади АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари тадқиқотларида. Агар сув ва совун бўлмаса, таркибида 60 фоиздан кўпроқ алкоголь бўлган қўл санитайзерларидан ҳам фойдаланса бўлади. Қўл санитайзерлари қўлга сепилганидан сўнг, суюқликнинг қўлда қуришига ишонч ҳосил қилиш керак, акс ҳолда микроблар йўқолмаслиги мумкин.

Ўриндиқлар, столлар, тутқичлар

Баъзи йўловчилар нам салфетка ёки санитайзерлар билан ўриндиқ, стол, ҳожатхона тутқичлари ва бошқа нарсаларни артиб, тозалашга ҳаракат қилишади. Тиббиёт ходимлари The New York Times нашрига бундай ҳаракатни маслаҳат беришмасликларини айтишган.

Улар столларнинг устига қоғоз қўйишни ва шу орқали ноутбук ёки йўловчининг бошқа жиҳозлари ҳар қандай юзаларга тегишининг олдини олиш мумкинлигини айтишган. Шифокорлар ҳожатхона эшигини очганда ва ёпганда қоғоз сочиқларни ишлатишни маслаҳат беришган. Мутахассислар овқатни столларнинг устига тўғридан-тўғри қўймасликка, ўриндиқлар тутқичларини ушламасликка эътибор бериш кераклигини айтишган.

Сафар давомида ўрнингизда қолинг

Парвоз ёки поезд юриши давомида ўз ўрнингизни эҳтиёжсиз тарк этманг. Ушбу тартиб поездлар ва самолётларда ҳам ўрнатилган.

Агар сафар давомида сизда шубҳали касаллик аломатлари пайдо бўлса, ўз ўрнингиздан турмасдан, поезд ёки самолёт экипажига хабар беринг.

Ҳожатхонага бормоқчи бўлсангиз, сизнинг ўриндиғингизга энг яқин жойлашган ҳожатхонага боринг. Самолётга миниш ёки самолётдан чиқишда одамлар гавжумланиб қолишига йўл қўйманг.

Самолётда бўлиш офисда бўлишдан хавфсизроқ

Халқаро ҳаво транспорти ассоциациясининг таъкидлашича, самолётда бўлиш инфекцион жиҳатдан офис ёки савдо марказида бўлишдан кўра хавфсизроқ. Чунки, деярли барча замонавий самолётларда яхши ҳавони тозалаш тизими ўрнатилган. Ушбу ҳавони тозалаш тизимлари ҳавода юзага келадиган микробларнинг 99 фоизини тозалаши айтилган.

Яхшигина дам олинг

Сизнинг иммунитетингиз қанчалик соғлом бўлса, касалликка чалинишингизнинг эҳтимоли шунчалик паст бўлади. Шунинг учун, шифокорлар 6 соатдан 8 соатгача ухлашни, мева ва сабзавотлар ейишни маслаҳат беришган.