«Ўзагросуғурта» АЖ сўнгги бир ой ичида табиий офатлар оқибатида зарар етказилган суғурталанган мол-мулк учун қарийб 5 млрд сўмлик суғурта товонини тўлаган.
Жумладан, Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида балиқчилик билан шуғулланувчи Умиджон Бойбеков тошқин юз бергандан бир ой ўтиб ўзининг балиқчилик фаолиятини қайта тиклаш ва 200 гектардан ортиқ хавзани тозалашга қарор қилган.
«Иш кўлами кўп вақт ва харажат талаб қилгани боис, зарур техника воситалари давлат томонидан бепул таъминланишидан умид боғлаб, Ўзбекистон бозоридаги энг харидоргир зоғора, амур ва дўнг пешона балиқ навларидан таҳминан 500 тонна етиштиришни мўлжалланган эдик. Афсуски, кўрилган умумий зарар 3 млрд сўмдан ошиши мумкин», дейди телефон орқали берган суҳбатида «Навруз қут барака» МЧЖ раҳбари У.Бойбеков.
Балиқчилик мавсумий бизнес. Шунинг учун фермер хўжалигига муваққат ишчилар ёлланади. Мавсумга қараб 5−30 нафаргача ишчи кучи талаб этилади. Кузда балиқ сотиш бошланади. Балиқ навига кўра, нарх-навоси 25−35 минг сўм қийматда сотилади.
«Мирзаобод балиқчиликка ихтисослашган район. Бизнинг „Мирзачўл“ маҳалламизда йўқ деганда 40 тача шундай фермер сув тошқинидан зарар кўрди. Энг ёмони, уларнинг 50−60 фоизида на ҳовуз ва на балиқлар суғурталанмаган. Шундан келиб чиқиб, аксарият тадбиркор ва фермерлар фаолиятини давом эттириш учун ҳукуматдан ёрдам сўрашга мажбур», — дея муаммонинг бошқа муҳим томонига эътибор қаратди мирзаободлик тадбиркор.
«Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти «Навруз қут барака» МЧЖга қарашли балиқчилик хавзаси ва биноларига етказилган зарар бўйича 138 млн сўмлик суғурта қопламаларини тўлиқ амалга оширди.
«Фермерлар ҳамон фалокат билан курашмоқда. Ақлли тадбиркор бундай курашни анча аввалроқ бошлайди. „Ўзагросуғурта“ АЖ гаровга қўйилган мулким учун товонни тез фурсатда фермер хўжалиги ҳисоб рақамига кўчириб берди. Бу билан кўрилган зарарнинг бир қисми қопланади, холос. Кеч бўлсада билдимки, ҳар қайси бизнесмен фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ хатарларни доим суғурталаши ва молиявий хизматлардан доимо фойдаланиши маъқул. Зеро, фавқулодда ҳолатларда давлат ёрдамига кўз тикиш ҳақиқий тадбиркор учун вазиятдан чиқишнинг энг мақбул йўли эмас», — дея фикрини якунлади тадбиркор У.Бойбеков.
«Ўзагросуғурта» компанияси томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга, уларнинг бизнеслари тўхтаб қолмаслиги ва молиявий ҳолати тезроқ тикланиши учун аниқланган зарарлар қисқа муддатларда қопланишига эътибор қаратилмоқда. Хусусан, сўнгги бир ой ичида табиий офатлар учун тўланган суғурта товони қарийб 5 млрд сўмни ташкил қилди.
Реклама ҳуқуқи асосида